пятница, 30 декабря 2016 г.

Динимиз мўътадилликка буюради, тажовузкорликка эмас

Сўнги пайтларда Фейсбукда дўстларимиз орасида турли низолар келиб чиқарилишининг гувоҳи бўляпмиз. Чеккадан бу ҳолат жуда хунук кўринаётганлиги бор гап. Яна ҳам ачинарлиси шундаки, дўстларимиз бир дин вакиллари бўлиб туриб ҳам айнан шу масала бўйича, яъни дин мавзусида кўплаб муросасизликларга дуч келишяпти. Мени бу нарса ташвишга солмоқда. Бугун айнан шу масала бўйича ўз фикрларим билан бир неча абзацли баёнотимда баҳам кўрмоқчиман. Хато ва камчиликлар учун олдиндан узр сўрайман.
 Динимизни яқиндан билмаган, танимаган ва умуман олганда, Ислом динидан йироқ киши бизнинг бугунги кунимизга назар ташласа, роса ҳайратдан донг қотса керак. Негаки, бу уммат вакиллари гўёки бир-бирини кўришга кўзи йўқдек ва ҳар доим бир-биридан хато ахтариб, ўз биродарини койитишга, уни топталаб ташлашга, обрўсизлантиришга, қўйингки, ҳатто ер билан яксон қилишга ҳам ҳаракат қилишади. Бир-бирини ҳимоя қилишни ва адолат томон биргаликда дадил қадамлар ташлашни исташмайди, билъакс турли оятлару, ҳадисларни пеш қилиб, ҳар жабҳада ўз диний биродари устидан ғолиб бўлишни орзу қилишади. Ғолиб бўлиш - уларнинг энг катта орзуси, энг улуғ мақсадидек, гўё. Ғолиб бўлгандан кейин эса, мағлуб бўлган томонни маънан ва руҳан ўлдиршга ҳаракат қилишади. Тамом. Бошқа бир юмушларию, ташвишлари йўқдек. (Бу ҳолатни мен фақат Фейсбук ижтимоий сайтида кузатганим боис, фақат ва фақат шу ердаги одамларни назарда тутиб ёзмоқдаман, бошқаларни эмас)
  Авваломбор, Ислом динининг асл моҳиятини тушунишимиз даркор. Зотан, сўнгги пайтларда содир бўлаётган кўнгилсизликларга кўз юмиб ўтишимиз нотўғри. Ислом дини бу шундайин динки, ўз номига муносиб равишда одамларни адолат, яхшилик, эҳсон, раҳмдиллик, меҳр-шафқат, ўртачалик, мўътадиллик, эзгуликка буюради. Зулм, истибдод, фасод, ёмонлик, душманлик, бузғунчилик, тажовузкорликдан қайтаради. Бу шундайин динки, мусулмонлар уёқда турсин, ҳатто ўзга дин, эътиқод ва миллат вакилларига мурувватни, халқ ўртасида тенглик, аҳиллик, ўзаро ҳурматни тарғиб қилади, аёлларнинг шаънини кўтаради. Бу шундайин гўзал дин!
 Сўнгги пайтларда эса, уни булғашга ҳаракат қилаётган ва турли оятларни келтириб, бир ёки бир неча шахсларга нисбатан одамлар орасида нафрат уйғотишни хуш кўраётган кишиларни кўрмоқдамиз. Ҳар ким ўз саҳифасида турли хабарларни эълон қилиб, ўз биродарини, ватандоши, миллатдошини ерга уришни ўзига одат қилиб олган, десам муболаға бўлмаса керак. Улар гўёки ушбу инсонлар томондан тарғиб этиб келаётган ёмон ишлари ҳақида биз барчамизни огоҳлантириб қўяётгандек ва халқни бу хавф-хатардан асраётган инсондек кўринишни хоҳлашади. Аммо ўз саҳифасида эълон чоп эттириб, турли сўзлар билан у ёки бу одамни хакоратлаб, уни ерга уришни қанда қилмасликларини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат ғийбат қилишга кирмайдими? Ахир, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ғийбатдан қайтарганлар-ку!?
 Хўш, ғийбат ўзи нима? Уни бартараф этувчи омиллар сифатида нималар зикр этилган? Ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Инсоннинг обрўсини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
 Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга бундай хитоб қилади:
 “...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).
 Ғийбат қилишликнинг гуноҳи қанчалик оғир бўлса, унга жавоб қайтариш ҳам шу қадар оғирдир. Биламан, менинг гапларим, нуқтаи назарим, ёзганларим барчангиз учун бир тийинга қиммат бўлиши ҳам мумкин, аммо мен бу каби чиркин ишларга жим қараб турадиган одамлар тоифасидан эмасман. Ҳар ҳолда, ўз фикримни ифодаладим, унга амал қилиш ёки қилмаслик бу энди сизнинг ишингиз.
 Яқинда Фейсбукда (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) жуда қизиқарли ҳикоя ўқигандим ва уни сизлар билан ҳам баҳам кўрмоқчиман:
 "Қайсидир замонда бир шаҳарда таровиҳ намози устида тортишув чиқибди. Бунақа тортишувлар ҳар рамазон кирганида бўлиб турар экан-у, ўша йилги рамазонда вазият кескинлашибди.
 Бир гуруҳ таровиҳни 20 ракат ўқишни бидъат дебди. 8 ракат ўқиш суннат дебди. 8 (саккиз) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Иккинчи гуруҳ 20 ракат ўқишни ҳам суннат дебди. 20 (йигирма) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.
 Тортишув узоқ давом этибди. Томонлар ҳеч бир-бирига ён босай демабди.
 Охири жанжалга айланибди. Ҳатто ўртада қон тўкилиши хавфи юзага келибди.
 Хайрият, ораларида эсини еб қўймаган одамлар ҳам бор экан.
 ‒ Фалон жойда тақволи олим зот бор. Келинглар, икки томондан ҳам вакиллар борайлик, масаламизни ҳал этиб берсин, ‒ дебди.
 Келишишибди. Боришибди.
 Тақволи олим зот ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини эшитибди.
 ‒ Модам мени ҳакамликка танлаб келибсизлар, қандай ҳукм чиқарсам ҳам, сўзсиз итоат этасизларми? ‒ деб сўрабди.
 ‒ Итоат этамиз! ‒ деб сўз беришибди вакиллар.
 ‒ Унда қулоқ солинглар: бугундан бошлаб таровиҳ намози йўқ! Тамом! ‒ дебди.
 Икки томон ҳам фатво ўз фойдасига чиқишидан умид қилган экан, тамоман бошқача ҳукмни эшитиб саросимага тушишибди. Шовқин бошланаётган экан, тақволи, олим зот уларни босибди:
 ‒ Итоат этамиз деб қасам ичдиларинг, энди сўзларингда туринглар! ‒ дебди овозини юксалтиб. Сўнгра англатибди: ‒ Таровиҳ намози нафл амал, мўминлар биродарлиги эса ‒ фарз! Оллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродар бўлишга буюрган, аммо таровиҳ намозига буюрмаган! Бир нафл устида тортишиб фарзни тарк қиляпсизлар! Фарз амали таҳлика остида қолганида нафлдан воз кечилади. Тамом, бугундан бошлаб таровиҳ намозини ўқимайсизлар!..
 У замоннинг мўминлари тақволи олим зотларнинг гапини оларкан. Ҳукмдан рози бўлиб, маконларига қайтишибди…"
 Ҳар қандай тортишувлар остонасида турган инсон бу ишни давом эттиришдан аввал ушбу ҳикояни ўқиб чиқса мақсадга мувофиқ бўларди. Бир-бирингизни айблашингиздан олдин, турли далил-исботларни йиғишдан олдин, бир-бирингизга нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатишингиздан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг: мўминлар биродарлиги - фарз!
 Яхшиси, Фейсбук ижтимоий сайтига ҳаддан ташқари берилиб кетмай, бошингизни кўтариб, дунёга боқинг. Чуқур-чуқур нафас олинг. Сиз шу реал ҳаётда яшаяпсиз, Фейсбук оламида эмас. Ўзимизни жуда муҳим нарсалар билан машғул қилсак, ўйлайманки, бу ерда тортишиб ўтиришга ҳам вақтимиз бўлмайди.
 Бир воқеа ёдимга тушди, қаердадир ўқиб қолгандим:
 "Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. У кишидан бу ҳолатнинг сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар: "Молнинг шохлари бор бўлса, менинг ақлим бор!"
 Ақллироқ бўлайлик. Раҳмат!

Комментариев нет:

Отправить комментарий